Суд залидаги ярашув
“Хуршид” (исм-фамилияси ўзгартирилган) турмуш ўртоғи “Ҳафиза” билан бир неча йиллардан буён бирга яшаб келсада, оиласида ўзаро келишмовчилик бўлиб турарди.
Бу келишмовчиликларга баъзан рўзғордаги етишмовчиликлар, баъзан эса эр-хотин ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликлар сабаб бўларди.
Мана шундай келишмовчиликларнинг бирида 2026 йил 30 июль куни “Хуршид” турмуш ўртоғи “Ҳафиза” билан тортишиб қолиб, жанжал вақтида “Ҳафиза”ни баданининг турли жойларига қўллари билан уриб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.
Судда “Хуршид” ўз айбига иқрорлигини, оиланинг қадрини тушуниб етганлигини, жарбланувчидан кечирим сўраб, у билан ярашганлигини, оиласини асраб қолиш мақсадида эканлигини билдирган.
Жабрланувчи ҳам турмуш ўртоғини кечирганлигини, у билан ярашганлигини, келгусида оиласини сақлаб қолиш мақсадида эканлигини билдириб, ишни ярашув асосида тугатишии сўраб судга ариза билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасида ЖКнинг 1261-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс, агар у айбига тўлиқ иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда суднинг 15.09.2026 йилдаги ажрими билан мазкур жиноят иши тарафларнинг ярашуви билан тугатилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, ярашув институти қонунда белгиланган ҳолларда янги имкониятлар эшигини очади. Бу имкониятнинг мазмуни зўравонликни оқлашда эмас, балки қонуний талаблар асосида низони ҳал этиш ва келажакда бундай қилмишларнинг олдини олишга интилишда намоён бўлади.
Зеро, оиланинг мустаҳкамлиги фақат унинг сақлаб қолиниши билан ўлчанмайди, оила аъзоларининг хавфсизлиги, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинадиган муҳит ҳам унинг мезонидир.
А.Қодиров,
Жиноят ишлари бўйича Ангор тумани суди раиси
Ўзбекча
Русский
English