ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

Маърифат — инсон қалбини ёритувчи нур, илм эса унинг ҳаёт йўлини ёритувчи чироқдир. Жаҳолат инсонни қолоқликка етакласа, маърифат уни юксакликка кўтаради. Шунинг учун ҳам жамият тараққиётида илм ва билимнинг ўрни беқиёсдир.
Менинг фикримча, бугунги кунда ҳар бир ёшнинг энг катта бойлиги унинг билими, одоби ва дунёқарашидир. Чунки инсонни бой қиладиган нарса фақат мол-дунё эмас, балки унинг ақли, тафаккури ва маънавиятидир. Китоб ўқиган, илм излаган инсон ҳеч қачон ҳаётда ўз ўрнини йўқотмайди.
Афсуски, баъзан ёшларимиз вақтларини бефойда ишларга сарфлаб, китоб ва илмдан узоқлашиб қолмоқдалар. Мен бундай ҳолатларга бефарқ қараб турмаслик керак, деб ўйлайман. Ахир биз буюк алломалар авлодимиз! Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби аждодларимиз илм-фан ва маърифат билан бутун дунёга танилганлар.
Мен ҳам келажакда билимли, одобли, Ватанимга наф келтирадиган инсон бўлишни истайман. Бунинг учун кўп китоб ўқиш, изланиш ва ҳар бир кунни янги билим олиш билан ўтказиш керак, деб ҳисоблайман.
Зеро, жаҳолатга қарши курашиш учун аввало ўзимиздан бошлашимиз лозим. Ҳар бир ўқилган китоб, ўрганилган билим ва қилинган эзгу иш жаҳолат устидан қозонилган кичик бир ғалабадир.
Хулоса қилиб айтганда, менинг назаримда, илмсиз келажакни, маърифатсиз тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди. Келажак жаҳолатга эмас, маърифатга суянган ёшлар қўлидадир. Зеро, зулматни зулмат билан эмас, фақат нур билан енгиш мумкин!
Шундай экан, илм олайлик, маърифат сари интилайлик ва жаҳолатга қарши биргаликда курашайлик!
Энг катта ғалаба-инсоннинг жаҳолатни енгиши
Халимахон Ибрагимова,
Ангор туман бош отин ойиси

0 izox

Izox qoldirish